Грантлар тақсимоти 2026-2027
1-Курс ва 2-Курс талабалари диққатига
Сиз кундузги таълим шакли бўйича 1-Курс ва 2-Курс бакалавр ёки магистратура босқичи талабасимисиз?
У ҳолда қуйидаги маълумотларга диққатли бўлинг!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 2024 йил 24 майдаги PF-81-сон Фармони ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2024-йил 23-сентабрдаги PQ-330-сон қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 10-мартдаги 149-сонли қарори асосида олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби белгиланди.
Унга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб бакалариат ва магистратуранинг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилинган талабалар учун давлат грантлари фақат 1 ўқув йилига тақдим этилиши, иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ижтимоий фаол талабалар ўртасида табақалаштирилган тарзда қайта тақсимланиши белгиланган.
Содда қилиб айтганда, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган талаба кейинги ўқув йилларида ҳам давлат гранти асосида ўқишини давом эттириши учун муайян талабларни бажариши лозим. Тўлов-контракт ва табақалаштирилган тўлов контракт асосида ўқишга қабул қилинган талабалар ҳам кейинги ўқув йилларида давлат грантлари асосида ўқиш имкониятига эга бўладилар.
Давлат гранти ўринларини қайта тақсимлаш тартиби билан батафсил танишиш мақсадида ушбу ҳавола орқали Фармон ва Низом билан танишиб олишингизни тавсия қиламиз.
Эслатма
Давлат грантлари ижтимоий рағбатлантирувчи ва таълим грантларига ажратилади:
а) ижтимоий-рағбатлантирувчи грант: қонунчиликда белгиланган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳибларига ўқиш даври учун тўлиқ ҳажмда тақдим этилади;
б) таълим гранти: давлат буюртмаси параметрлари доирасида олий таълим ташкилотига қабул қилинган талабалар учун табақалаштирилган тартибда ажратилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади.


