2026/2027-ўқув йили қабулида тест топшириқлари сони ва баҳолаш мезонлари тасдиқланди
Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирлигининг тегишли буйруғи билан 2026/2027-ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича тест топшириқлари сони ҳамда баҳолаш мезонлари тасдиқланди. Мазкур мезонлар ўтган йилги қабул тартиби билан бир хил этиб белгиланган.
Тасдиқланган тартибга кўра, тест синовлари мажбурий фанлар ҳамда бакалавриат таълим йўналишига мос мутахассислик фанлари асосида ташкил этилади.
Мажбурий фанлар
Барча абитуриентлар учун қуйидаги 3 та мажбурий фан белгиланган:
- Она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили) — 10 та савол
- Математика — 10 та савол
- Ўзбекистон тарихи — 10 та савол
Мазкур блок бўйича жами 30 та тест топшириғи тақдим этилади ва ҳар бир савол 1,1 балл билан баҳоланади. Шунга кўра, ушбу фанлар бўйича энг юқори натижа 33 баллни ташкил этади.
Мутахассислик фанлари
Бакалавриат таълим йўналишига мос равишда абитуриентларга 2 та мутахассислик фани бўйича тест топшириқлари берилади:
- 1-фан — 30 та савол, ҳар бир савол 3,1 балл, жами 93,0 балл
- 2-фан — 30 та савол, ҳар бир савол 2,1 балл, жами 63,0 балл
Ушбу икки фан бўйича жами 60 та тест топшириғи берилади ва максимал натижа 156,0 баллни ташкил этади.
Умумий тест юкламаси ва максимал балл
Шундай қилиб, 2026/2027-ўқув йили қабулида абитуриентларга:
- 5 та фан
- 90 та тест топшириғи
тақдим этилади. Абитуриентлар учун тўплаш мумкин бўлган энг юқори балл 189 балл этиб белгиланган.


