
Турин политехника университети билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади
Каттақўрғон давлат педагогика институти ректори Шерзод Ураков Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига ташриф буюрди. Ташриф давомида университет кампуси, замонавий лабораториялар, ўқув-амалий инфратузилма ҳамда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Мулоқот якунида томонлар ўртасида таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик доирасида институтда ташкил этиладиган муҳандислик факултети фаолиятини илмий-методик, ўқув-услубий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, муҳандислик таълим дастурларини замонавий ҳамда халқаро талаблар асосида шакллантириш, шунингдек, меҳнат бозори эҳтиёжларига мос рақобатбардош кадрлар тайёрлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида “Саноатда ишлаб чиқариш технологиялари” ва “Барқарор транспорт” бакалавриат йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Ушбу меморандум икки олий таълим муассасаси ўртасида таълим сифати, илмий салоҳият ва амалий муҳандислик тайёргарлигини янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.













