
Адиб Масиҳуллоҳ Мадаминов билан ижодий учрашув
Масиҳуллоҳ Мадаминов шоир, муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
У 1998-йил 21-декабрда Фарғона вилояти Охунбобоев туманидаги Ғишмон қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Ижтимоий фанлар факултети фалсафа йўналишини тамомлаган.
Адабий ижод билан 7-синфдан шуғулланиб келади. Илк шеърлари мактаб давридаёқ вилоят ва республика нашрларида чоп этилган. Ижодининг асосий қисмини назм ташкил этади.
Меҳнат фаолиятини 2018-йилда “Китоб дунёси” таҳририятида мухбир сифатида бошлаган. Кейинги йилларда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи, “Ўзбекистон” нашриёти ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг “Педагог” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган.
2023-йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда Уюшманинг Ҳудудий бўлимлар билан ишлаш ва назорат-таҳлил котибияти бош мутахассиси.
Шоирнинг “Эртакли кунлар” номли шеърий тўплами Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида 10 минг нусхада нашр этилган.
Масиҳуллоҳ Мадаминов “Рус адабиёти 100 томлиги” ва “Ўзбек адабиёти 100 томлиги” ижодий лойиҳаларида тўпловчи ва муҳаррир сифатида иштирок этган. Унинг шеър ва ғазаллари турк, озарбайжон, рус, тожик, қирғиз ва қозоқ тилларига таржима қилинган.
Шоирнинг “Ситамларинг” ва “Нигорим” шеърлари хонанда Фаррухбек Набиев ижросида қўшиқ сифатида янграган.








