
“Тадбиркорлик асослари” фанидан семинар-тренинг ташкил этилди
Каттақўрғон давлат педагогика институтида Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирининг 2026-йил 13-августдаги “Олий таълим ташкилотларида “Тадбиркорлик асослари” фанини ўқитишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 343-сонли буйруғи ижроси доирасида 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб “Тадбиркорлик асослари” фанини ўқитиш йўлга қўйилди. Мазкур фан талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларни бизнес юритиш имкониятлари билан таништириш ҳамда келгусида ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишга йўналтиришга хизмат қилади.
Рақамли технологиялар ва иқтисодиёт кафедраси дотсенти Охун Хаитов томонидан фан доирасида ташкил этилган дарс машғулотида Ўзмиллийбанк AJ Самарқанд вилояти бош бошқармаси “Келажакка қадам” маркази менежери Шермухаммад Ғаниев ҳамда “TURON ACADEMY” ўқув маркази асосчиси, тадбиркор Абдулазиз Норматов иштирок этди.
Семинар-тренинг шаклида ташкил этилган машғулот баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Унда меҳмонлар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бизнес юритиш имкониятлари ва мавжуд қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Машғулот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тадбиркорлардан атрофлича жавоблар олдилар.
Бундай амалий машғулотлар талабаларнинг тадбиркорликка оид билимларини мустаҳкамлаш, уларда мустақил фикрлаш ва бизнес ташаббусларини илгари суриш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.







