Миллатлар маданиятини акс эттирувчи рақс ва қўшиқлардан иборат маданий тадбир ўтказилди
Хорижий тиллар кафедраси ойлиги доирасида талаба-ёшлар иштирокида турли миллат вакилларининг рақс ва қўшиқларидан иборат “ФУСИОН FEST” – миллатлар маданиятини акс эттирувчи маданий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбир давомида Хорижий тил ва адабиёти йўналиши талабалари томонидан турли халқларнинг урф-одатлари, маданияти ва миллий қадриятларини ифодаловчи саҳна кўринишлари ҳамда мусиқий чиқишлар намойиш этилди. Томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган ушбу чиқишлар тадбирга алоҳида файз бағишлади.
Ўзбекистон қадимдан турли маданиятлар, тиллар ва анъаналар чорраҳаси бўлиб келган. Бугунги кунда юртимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек тинч-тотув яшаб келмоқда. Бу бағрикенглик, сабр-тоқат ва инсонпарварлик каби юксак қадриятларнинг амалдаги ифодасидир.
Зеро, ҳар бир рақс – муайян халқнинг тарихи, маданияти ва руҳий оламини ўзида мужассам этади. Тадбир эса турли миллатлар маданиятига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин намунаси сифатида барчада катта таассурот қолдирди.











