
“Дастурчи қизлар” лойиҳаси доирасида Педагогика техникумида учрашув ўтказилди
Каттақўрғон давлат педагогика институти муҳандис-дастурчиси Д.Бегмуродов ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси Г.Инатуллаева “Дастурчи қизлар” лойиҳаси доирасида Каттақўрғон шаҳридаги Педагогика техникумига ташриф буюриб, ўқувчи-ёшлар билан учрашув ўтказдилар.
Учрашув давомида бугунги кунда ахборот технологияларининг жадал ривожланиши, хусусан, дастурлаш соҳасининг долзарблиги, бу йўналишда ёшларнинг, айниқса, қизларнинг фаоллигини ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан ўқувчиларга дастурлаш асослари, замонавий IT касбларининг истиқболлари, рақамли технологиялар орқали ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, мазкур лойиҳа доирасида техникумда “Дастурчи қизлар” тўгарагини ташкил этиш, робототехника ва рақамли хавфсизлик йўналишларида қўшимча тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, уларнинг узлуксиз ва самарали ишлашини таъминлаш юзасидан аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.






