
Талабалар Бухоронинг бой тарихий мероси билан яқиндан танишдилар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 3-декабрдаги 70-сонли мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида Каттақўрғон давлат педагогика институти декан ўринбосари Феруз Исматов ҳамда йўналиш тюторлари бошчилигида Филология ва ижтимоий фанлар факултети талабалари “Мозийга саёҳат” дастури доирасида Бухоро шаҳрига ташриф буюриб, қадимий тарихий обидаларни зиёрат қилдилар.
Ушбу саёҳатнинг асосий мақсади талаба-ёшларнинг бой тарихий меросимиз, миллий қадриятларимиз ҳамда аждодларимиз қолдирган бебаҳо обидалар билан яқиндан танишишини таъминлашдан иборат бўлди.
Саёҳат давомида талабалар Бухоро шаҳрининг қадимий ва диққатга сазовор масканлари, тарихий-меъморий ёдгорликлари билан яқиндан танишиб, уларнинг яратилиш тарихи, маданий аҳамияти ҳамда бугунги кундаги ўрни ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар. Бу эса ёшларнинг тарихий тафаккурини кенгайтириш, миллий ўзликни англаш ҳиссини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мазкур ташриф талабаларда юртимиз тарихига бўлган қизиқишни ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда маънавий дунёқарашини бойитишда муҳим аҳамият касб этди. “Мозийга саёҳат” дастури доирасида амалга оширилаётган бундай тадбирлар ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.












