
Гулжамол Асқарованинг “Чўғ устида рақс” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
Бугун Каттақўрғон давлат педагогика институтида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, “Шуҳрат” медали соҳибаси Гулжамол Асқарованинг “Чўғ устида рақс” номли шеърий китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, институт ректори Шерзод Ураков, шоира Гулжамол Асқарованинг ўзи, профессор-ўқитувчилар, шеърият ихлосмандлари ҳамда талабалар иштирок этди.
Тақдимотни шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова очиб берди ва шоира ижоди, унинг ўзбек адабиётидаги ўрни ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Маълумот учун, Гулжамол Асқарованинг 10 дан ортиқ китоблари нашр этилган бўлиб, “Бахт дастхати”, “Уйғотувчи алла”, “Эркалик имтиёзи” каби асарлари китобхонлар меҳрини қозонган.
Тадбир давомида талабалар томонидан шоира шеърлари ифодали ўқилди ҳамда унинг ижодига бағишланган қўшиқлар ижро этилди.
Учрашув якунида иштирокчилар шоиранинг китобларидан муаллиф дастхатини олишди, шунингдек, у билан бевосита мулоқот қилиб, илиқ таассуротларга эга бўлишди.










