Асосий мазмунга ўтиш
Ушбу веб-сайт ҳозирда тест режимида ишламоқда. Баъзи функсиялар мавжуд бўлмаслиги ёки кутилганидек ишламаслиги мумкин.
Мустақиллик – бирдамлик ва юксалиш тимсоли

Мустақиллик – бирдамлик ва юксалиш тимсоли

04.09.2026 соат 18:06ЯнгиликларMatbuot402 дақиқада ўқилади

Умумхалқ байрамлари халқимизни ягона мақсад ва эзгу ғоялар атрофида бирлаштирадиган, миллий қадриятларимизни улуғлайдиган, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик туйғуларини янада мустаҳкамлайдиган муҳим маънавий қадриятдир. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни халқимизнинг озод ва фаровон ҳаётга бўлган интилиши, Ватанга садоқати, бунёдкорлик ва ватанпарварлик руҳини ўзида мужассам этган улуғ байрамдир.
Бугунги кунда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, инсон қадрини улуғлаш ва халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда меҳнаткаш, мард ва олижаноб юртдошларимиз ўз билим ва тажрибаси, куч-ғайрати, истеъдоди, маҳорати ҳамда эзгу ташаббуслари билан фаол иштирок этмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг муҳим омилига айланмоқда.
Бугун биз тарихимизнинг масъулиятли ва муҳим босқичида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврига қадам қўймоқда. Умумхалқ байрамларининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, улар жамиятимизда бирдамлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат каби юксак инсоний фазилатларни янада мустаҳкамлайди. Ўзбекистон тинчлик ва дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик қарор топган юртдир. Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона Ватан равнақи йўлида бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшаб келмоқда.
Бу эзгу муҳит юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир. Зеро, бизни бирлаштирадиган энг улуғ қадрият – ягона Ватан, умумий мақсад ва муштарак келажакдир. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлади”, дея таъкидлади. Мазкур юксак мақсадга эришиш йўлида инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган 7 та миллий дастур амалга оширилиши белгиланган. Улар таълим ва билимни тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, замонавий ва юқори технологияларга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш, сув ва экологик муаммоларга ечим топиш, қонун устуворлигини таъминлаш, маҳаллалар фаровонлигини ошириш ҳамда тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш каби муҳим йўналишларни қамраб олади. Айниқса, таълим ва билимни мамлакатимиз тараққиётининг асосий капиталига айлантириш устувор вазифа сифатида белгиланаётгани биз, педагоглар профессор-ўқитувчилар зиммасига катта масъулият юклайди. Ёш авлодга замонавий билим ва кўникмалар бериш, уларни мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар, маънавий етук ва рақобатбардош кадрлар этиб тарбиялаш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шартидир.
Ишонамизки, халқимизнинг бирдамлиги, бунёдкорлик руҳи ва эзгу мақсадлари билан Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида янада улкан ютуқларга эришамиз.
Юртимиз тинч, халқимиз бирдам ва ҳамжиҳат, осмонимиз мусаффо бўлсин! Мустақиллигимиз абадий, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги янада юксалаверсин!

Шерзод Ураков,
Каттақўрғон давлат педагогика институти ректори.

Улашиш: