
“Эко-волонтёрлар” гуруҳи ўз фаолиятини бошлади
Каттақўрғон давлат педагогика институтида экологик маданиятни юксалтириш, атроф-муҳитни асраш ва ҳудуд ободонлигига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида “Чиқиндилардан ҳоли Каттақўрғоним” шиори остида Аниқ ва табиий фанлар факултети қошидаги “Эко-волонтёрлар” гуруҳи ўз фаолиятини бошлади.
Гуруҳнинг асосий мақсади талаба-ёшлар ўртасида экологик масъулиятни кучайтириш, чиқиндиларни тўғри саралаш ва уларни белгиланган тартибда ташлаш маданиятини шакллантириш, шунингдек, институт ҳудуди ва Каттақўрғон шаҳрининг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
“Эко-волонтёрлар” томонидан ҳудудларни тозалаш ва ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, экологик тарғибот тадбирларини ташкил этиш ҳамда ёшларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ундашга қаратилган турли лойиҳалар амалга оширилади.
Мазкур ташаббус талаба-ёшларнинг экологик билим ва кўникмаларини ошириш билан бирга, уларни фаол фуқаролик позитсиясига, жамоатчилик ташаббусларини илгари суришга ҳамда атроф-муҳит муҳофазасига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.








