Баъзан оддий бир савол инсонни узоқ ўйга толдиради, қалбида йиллар давомида тўпланган ҳаётий тажрибаларини қоғозга туширишга ундайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг суюкли набираси Шавкатбекка парвоз давомида ёзган мактуби ҳам ана шундай самимий саволга берилган жавоб бўлиш билан бирга, унда бутун бир авлод учун муҳим ҳаётий сабоқлар мужассам.
Ушбу мактубни ўқир эканман, аввало, унда оддий инсоний туйғулар ва юксак давлат масъулияти ўзига хос уйғунлик касб этганига эътибор қаратдим. Давлат раҳбарининг набирасига бўлган меҳр-муҳаббати, унинг беғубор саволига жавоб бериш истаги ортида халқ ва Ватан тақдири учун масъулиятни чуқур ҳис этадиган инсоннинг ҳаётий қарашлари намоён бўлади.
Мактубдаги мени энг кўп ўйлантирган жиҳат – Президентнинг набираси берган “Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?” деган саволга билдирган муносабатидир. Аслида, бу савол ҳар қандай боланинг ўз яқинига бўлган соғинчи ва меҳридан туғилган табиий саволдир. Аммо унга берилган жавоб оддий оилавий суҳбат доирасидан анча кенг маъно касб этади. Чунки бу жавобда бир инсоннинг шахсий ҳаёти, оилавий қадриятлари ва бутун халқ олдидаги масъулияти ўзаро боғлиқ ҳолда ифодаланган.
Менимча, ушбу мактубнинг энг катта тарбиявий аҳамияти ҳам шунда: инсон қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар, унинг фаолияти жамиятга, халқига ва Ватанига қандай наф келтираётгани билан қадрланади. Раҳбарлик – бу шунчаки ваколат ёки мартаба эмас, балки халқ ишончини оқлаш, мураккаб қарорлар қабул қилиш ва келажак авлод тақдири учун жавобгарликни зиммасига олиш демакдир.
Мактубда Президентнинг ўз болалик йилларини эслаши ҳам алоҳида таассурот уйғотади. Ёзнинг жазирамасида ғўза чопиш, қишнинг совуғида пахта териш, мактаб йилларининг катта қисмини далаларда ўтказиш ҳақидаги хотиралар шунчаки ўтмишни ёдга олиш эмас. Бу, энг аввало, бугунги авлод билан кечаги авлод ҳаёти ўртасидаги фарқни англатишга қаратилган ҳаётий мушоҳададир.
Бу ўринда бир муҳим ҳақиқатни англашимиз керак: бугунги ёшларимизнинг таълим олиши, замонавий мактабларда таҳсил кўриши, замонавий касбларни эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган шароитлар ўз-ўзидан вужудга келмаган. Бунинг ортида узоқ йиллик меҳнат, ижтимоий ислоҳотлар ва жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган интилишлар мужассам.
Айниқса, болаларни пахта далаларидан мактабларга қайтариш ҳақидаги фикрлар мактубнинг энг муҳим ижтимоий мазмунини ташкил этади, деб ҳисоблайман. Чунки боланинг асосий вазифаси меҳнат эксплуататсиясига дучор бўлиш эмас, балки билим олиш, дунёқарашини кенгайтириш, қобилиятини ривожлантириш ва келажак ҳаётига тайёргарлик кўришдан иборат. Таълим олиш имконияти – бу шунчаки ижтимоий имтиёз эмас, балки ҳар бир боланинг муносиб келажак сари ташлайдиган энг муҳим қадамидир.
Мактубдаги яна бир эътиборли жиҳат – ёш авлоднинг илм олишга, хорижий тилларни ўрганишга, ўз устида мунтазам ишлашга даъват этилишидир. Бугунги глобаллашув шароитида билим ва малака инсоннинг энг муҳим рақобат устунлигига айланмоқда. Эндиликда ёшлар олдида фақат бирор касбни эгаллаш вазифаси эмас, балки халқаро миқёсда фикрлай оладиган, замонавий технологияларни ўзлаштирган ва янгилик яратишга қодир мутахассис бўлиб етишиш вазифаси турибди.
Мактубда замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан оқилона фойдаланиш, бироқ уларга қарам бўлиб қолмаслик ҳақидаги насиҳатлар ҳам алоҳида эътиборга молик. Дарҳақиқат, бугун технологиялар инсон ҳаётининг деярли барча жабҳаларига кириб бормоқда. Сунъий интеллект, рақамли платформалар ва ахборот технологиялари таълим, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларида янги имкониятлар яратмоқда. Лекин технологиянинг ривожланиши инсон тафаккурининг сусайишига эмас, аксинча, унинг янада такомиллашишига хизмат қилиши керак.
Шу маънода, ёшларимиз тайёр ахборотни қабул қилувчи эмас, балки уни таҳлил қилувчи, мустақил хулоса чиқарувчи ва янги ғоялар яратувчи шахслар сифатида шаклланиши зарур. Чунки сунъий интеллектдан фойдаланиш мумкин, аммо инсоннинг мустақил фикрлаши, ижодий ёндашуви ва маънавий масъулиятини ҳеч қандай технология тўлиқ алмаштира олмайди.
Мактубдаги вақтни қадрлаш, бошланган ишни охирига етказиш, муваффақиятсизликлардан тушкунликка тушмаслик ҳақидаги насиҳатлар эса ҳаётнинг энг муҳим қоидаларини эслатади. Инсон ҳаётида катта муваффақиятлар кўпинча бир марталик омад билан эмас, балки мунтазам меҳнат, интизом, сабр-тоқат ва қатъият билан қўлга киритилади. Ҳар қандай соҳада юксак натижага эришган инсоннинг ортида кўпчилик кўрмайдиган машаққатли меҳнат, изланиш ва ўз устида ишлаш жараёни туради.
Мен педагог сифатида ушбу мактубдаги устоз-шогирд, ота-она ва фарзанд, катта авлод ва ёшлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик масаласига ҳам алоҳида аҳамият бераман. Чунки фарзанд тарбияси фақат насиҳат қилиш билан эмас, балки шахсий намуна кўрсатиш, ҳаётий тажрибани улашиш ва ёш авлодда эзгу мақсадларга интилиш ҳиссини уйғотиш орқали амалга ошади. Болалар кўпинча катталарнинг айтган сўзидан кўра, уларнинг қилаётган ишларига кўпроқ эътибор берадилар. Шунинг учун ҳар бир ота-она ва устоз ўз хатти-ҳаракати билан ҳам тарбиячи эканини унутмаслиги лозим.
Мактубнинг якунида илгари сурилган одамийлик, мардлик, орият, ватанпарварлик, ҳалоллик, камтарлик, меҳнатсеварлик ва олижаноблик каби фазилатлар эса инсон камолотининг маънавий мезонларини белгилайди. Бугунги кунда бизга нафақат юқори малакали мутахассислар, балки ўз касбига садоқатли, халқ манфаатини шахсий манфаатидан устун қўя оладиган, ҳалол ва виждонли инсонлар ҳам ниҳоятда зарур.
Айниқса, ёшларимизнинг Ватанга муносабати фақат чиройли сўзлар ёки баландпарвоз шиорларда эмас, балки кундалик фаолиятида, ўз касбига масъулият билан ёндашишида, қонунларга ҳурматида, ҳалол меҳнатида ва жамият равнақига қўшаётган ҳиссасида намоён бўлиши керак. Зеро, Ватанга муҳаббат, аввало, унинг тараққиёти учун сидқидилдан хизмат қилишдан бошланади.
Мактубни ўқиб, яна бир ҳаётий хулосага келдим: инсон ўз фарзанди ва набираси учун қайғурар экан, аслида бутун авлоднинг келажаги ҳақида ҳам ўйлаши лозим. Чунки оилада бошланган тарбия жамиятда давом этади, жамиятда шаклланган маънавий муҳит эса мамлакатнинг эртанги тараққиётини белгилайди. Шу сабабли ушбу мактубни фақат бир оилага тегишли самимий мурожаат сифатида эмас, балки ота-оналар, педагоглар, раҳбарлар ва ёшлар учун муҳим тарбиявий манба сифатида баҳолаш мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг набираси Шавкатбекка йўллаган мактуби замирида катта ҳаёт фалсафаси мужассам. Унда меҳр – тарбиянинг, илм – тараққиётнинг, меҳнат – муваффақиятнинг, ҳалоллик – инсонийликнинг, Ватанга садоқат эса ҳаётий масъулиятнинг асосий мезони сифатида намоён бўлади. Менимча, ушбу мактубнинг энг катта сабоғи шундаки, биз фарзандларимизга шунчаки яхши ҳаёт қолдиришга эмас, балки яхши ҳаётни бунёд эта оладиган билимли, маърифатли, иродали ва ватанпарвар авлодни тарбиялашга интилишимиз керак. Зеро, келажак авлодга қолдириладиган энг бебаҳо мерос – бу моддий бойлик эмас, балки илм, тарбия, ибрат ва Ватанга муҳаббатдир.
Охунжон Хаитов
Каттақўрғон давлат педагогика институти дотсенти