Асосий мазмунга ўтиш
Ушбу веб-сайт ҳозирда тест режимида ишламоқда. Баъзи функсиялар мавжуд бўлмаслиги ёки кутилганидек ишламаслиги мумкин.
АДАБИЁТ VA ILHOM УЙҒУНЛАШГАН УЧРАШУВ — “МАЪРИФАТ УЛАШИБ” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА

АДАБИЁТ VA ILHOM УЙҒУНЛАШГАН УЧРАШУВ — “МАЪРИФАТ УЛАШИБ” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА

29.10.2025 соат 16:13Давра суҳбатлариMatbuot451 дақиқада ўқилади

Бугун Каттақўрғон давлат педагогика институтида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида эл ардоғидаги ижодкорлар – Сирожиддин Рауф ва Шодиқул Ҳамроев билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир давомида ижодкорларнинг ҳикоялари асосида институт талабалари томонидан саҳналаштирилган филм намойиш этилди. Ижодкорлар ўз асарларидан намуналар ўқиб эшиттирдилар, талаба-ёшлар эса ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Самимий мулоқот чоғида мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, мутолаа маданиятини шакллантириш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув шеърхонлик ва мушоира тарзида давом этиб, талабалар таниқли ижодкорлар ижодидан бир олам завқ ва маънавий озуқа олдилар. Институт профессор-ўқитувчилари меҳмон ижодкорларга ташриф учун миннатдорлик билдириб, бундай маърифий ва ижодий учрашувларни мунтазам ташкил этиш зарурлигини таъкидладилар.
Тадбир якунида меҳмонлар институтнинг “Маънавият хонаси”да “Мушоира” тўгараги аъзолари – ёш ижодкорлар билан замонавий ўзбек адабиёти, ижодий жараёнлар ва ёшлар ўртасида китобхонлик муҳитини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан суҳбат ўтказдилар. Шундан сўнг учрашув институт кутубхонасида, кейинчалик эса талабалар турар жойида самимий мулоқот тарзида давом этди.
Ижодкорлар, шунингдек, Каттақўрғон туманидаги 51- ва 53-умумтаълим мактабларида бўлиб, у ерда ҳам маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилди.
Шоир Шодиқул Ҳамроев учрашув таассуротлари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:
“Биз Тошкентдан келаётиб, Каттақўрғон давлат педагогика институтини кичик таълим маскани деб ўйлагандик. Аммо бу ерга келиб, ҳашаматли бинолар, замонавий шароитлар ва энг асосийси — кучли адабий муҳитни кўриб, чин дилдан қувондик. Ўзим ёзган ‘Ҳовлидаги дарахт’ ҳикоям асосида саҳналаштирилган қисқа филмни томоша қилиб, ҳаяжонландим. Институтда ижодга меҳр қўйган ёшлар жуда кўп экан.”
Ижодкорларнинг таъкидлашича, Каттақўрғон давлат педагогика институтида миллий қадриятларни асраб-авайлаш, илм ва ижодга ошно ёшларни қўллаб-қувватлаш йўлида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Каттақўрғон давлат педагогика институти Матбуот хизмати

Қўшимча расмлар8

Улашиш: