
“Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман” шиори остида танловлар ўтказилди
Каттақўрғон давлат педагогика институтида “Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман” шиори остида талабалар ўртасида “кибергигиена” кўникмаларини шакллантириш, инновасион ёндашувлар асосида интернетдан хавфсиз фойдаланиш маданиятини тарғиб этишга қаратилган танловлар ташкил этилди.
Мазкур тадбир доирасида “Энг яхши контент” ва “Энг таъсирли видеоролик” номинатсиялари бўйича ижодий ишлар қабул қилиниб, талабаларнинг интернетдаги фаолият маданиятини ошириш, ахборот технологияларидан онгли ва масъулиятли фойдаланишга ундаш мақсад қилинган.
Танловда иштирокчилар киберхавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, шахсий маълумотларни ҳимоялаш, фирибгарлик ҳолатларини олдини олиш ҳамда ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш бўйича ўз ижодий ишлари билан қатнашдилар.
Баҳолаш жараёни адолатли мезонлар асосида амалга оширилиб, энг яхши ишлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Тадбир институтда ёшлар ўртасида рақамли маданиятни юксалтириш ва хавфсиз интернет муҳитини шакллантиришга хизмат қилди.






