Асосий мазмунга ўтиш
Ушбу веб-сайт ҳозирда тест режимида ишламоқда. Баъзи функсиялар мавжуд бўлмаслиги ёки кутилганидек ишламаслиги мумкин.
Каттақўрғон давлат педагогика институти талабаларига М У Р О Ж А А Т

Каттақўрғон давлат педагогика институти талабаларига М У Р О Ж А А Т

03.12.2025 соат 07:59ЯнгиликларMatbuot1251 дақиқада ўқилади

Қадрли талаба-ёшлар!

Гиёҳвандлик бугунги кунда XXI асрнинг энг жиддий глобал муаммоларидан бирига айланган. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар замонавий даврга келиб, ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб бергани ҳеч муболаға эмас. Соғлом турмуш тарзини олиб бораётган инсон ҳам билиб-билмай бу йўлга кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қоронғуликка юз туттириши – аччиқ ҳақиқатдир.
Гиёҳвандликка ружу қўйган киши нафақат ўзини, балки яқинларини ҳам чексиз изтиробларга дучор қилади. Кўпинча бундай иллат қурбонлари тақдири одамда нафрат, ачиниш ва раҳм каби туйғуларни уйғотади. Биз ва сиз – таълим-тарбия соҳасининг фидойилари сифатида бу иллатга сира йўл қўёлмаймиз.

Ардоқли ёшлар!

Сиздаги соғлом фикр, мустаҳкам ирода, билимга чанқоқлик – Ватанимиз келажагининг пойдеворидир. Ҳеч қачон “бир марта синаб кўрсам зарар қилмайди” деган алдовга учманг. Гиёҳванд моддалар – ҳаётни емирувчи заҳар, орзу ва мақсадларни ўғирловчи иллат эканини унутманг. Гиёҳвандлик ва наркожиноятчилик ҳар бир инсон ва унинг оиласига фақат бахтсизлик олиб келади, жамият осойишталигига эса жиддий путур етказади.

Ҳурматли институтимиз талабалари!

Келажакда ёш авлодни тарбиялашда сизнинг ўрнингиз беқиёс. Таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, гиёҳвандликнинг зарарли оқибатларини ёшлар онгига сингдириш – бугуннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Соғлом авлод – ўтмиши бой, тупроғи олтин, осмони мусаффо Ўзбекистоннинг эртанги ворисларидир. Уларни эзгу мақсадлар руҳида, пок муҳитда вояга етказайликки, ҳеч қандай ёт ғоялар ёки қора иллатлар уларни йўлдан чалғита олмасин.

Барчамиз бир ёқадан бош чиқарайлик!

Наркожиноятчиликни тарғиб қилувчилар – миллатнинг ҳақиқий хоинлари. Уларга нисбатан қатъий ва муросасиз муносабат билдириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фаол кўмаклашиш – ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Унутманг! Ўзбекистоннинг тинч, соғлом ва порлоқ келажаги – бугунги ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий позитсиямизга боғлиқ!
Шерзод Ураков,
Каттақўрғон давлат педагогика институти ректори.

Улашиш: