Битирувчилар бандлигини таъминлашга қаратилган “Карера куни” тадбири ўтказилди
Каттақўрғон давлат педагогика институтида битирувчи талабалар ҳамда иш берувчилар иштирокида “Карера куни” тадбири ташкил этилди. Мазкур тадбирда Каттақўрғон шаҳар ҳокими ўринбосарлари Шахло Кучкарова ва Жасур Ганиев, Каттақўрғон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими мутахассиси Қаҳрамон Санаев, шунингдек, шаҳар ҳудудидаги умумтаълим мактаблари ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотлари директорларидан иборат иш берувчилар қатнашди.
Тадбирни институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Сирожиддин Элмонов олиб борди.
Тадбир давомида масъуллар томонидан олий таълим ташкилоти талабалари ва иш берувчиларни рақамли “Карера маркази” платформаси (careercentre.уз)да рўйхатдан ўтказиш орқали битирувчиларни ишга жойлаштириш, талабаларга мустақил иш топиш, резюме тайёрлаш, суҳбатларга тайёргарлик кўриш ҳамда вакансиялар платформаларидан самарали фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди.
Битирувчи талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, мутахассислар ва иш берувчилардан батафсил жавоблар олдилар. Иш берувчилар эса кадрларни ишга қабул қилиш жараёнида эътибор қаратиладиган жиҳатлар, билимли ва малакали мутахассисларни танлаб олиш мезонлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Мазкур тадбир битирувчи талабалар бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат бозорига мослашувини кучайтириш ҳамда иш берувчилар билан самарали ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.








