Президент Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти профессор-ўқитувчиларга тушунтирилди
Бугун Каттақўрғон давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини профессор-ўқитувчиларга етказиш ҳамда кенг тарғиб этиш мақсадида ўқув-семинарнинг иккинчи куни бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбек тили ва гуманитар фанлар кафедраси ўқитувчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Й.Холхўжаева Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлар, жумладан, иқтисодий ўсишни таъминлаш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, таълим ва маданиятни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, коррупсияга қарши кураш ҳамда давлат бошқарувини такомиллаштириш масалалари юзасидан атрофлича маъруза қилди.
Маърузада Мурожаатномада мамлакат иқтисодиётида эришилган ижобий натижалар, экспорт салоҳиятининг ошгани, инвеститсия муҳитининг яхшилангани, шунингдек, молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида Президент Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий ва илмий ривожланишига хизмат қилиши, шунингдек, унинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш ва амалиётга татбиқ этишда бундай тарғибот тадбирларининг муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.








