
“Келажакка қадам” дастури доирасида семинар-тренинг ташкил этилди
Каттақўрғон давлат педагогика институтида битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг бизнес ғояларини тадбиркорлик лойиҳалари сифатида шакллантириш мақсадида “Келажакка қадам” дастури доирасида семинар-тренинг ўтказилди.
Семинарда Ўзмиллийбанк AJ Самарқанд вилоят бошқармаси ва “Келажакка қадам” маркази менежерлари Шермуҳаммад Ғаниев ва Темуржон Тиркашев иштирок этиб, битирувчи босқич талабалари ҳамда олий таълим муассасасини тамомлаганига 3 йилдан ошмаган битирувчилар учун тижорат банклари томонидан бизнес ғояни тайёр лойиҳагача олиб бориш жараёнида тўлиқ ҳамроҳлик кўрсатиш, шунингдек қулай шартларда молиялаштириш имкониятлари ҳақида маълумот беришди.
Шунингдек, семинарда битирувчи босқич талабалари ўртасида соҳалар бўйича очиқ танловлар ўтказиш ва ғолибларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш механизмлари, индивидуал касбий таълим дастурлари доирасида ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташ ва чет эллардаги олий таълим ташкилотларида қисқа муддатли ўқув курсларида қатнашиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Семинар-тренинг иштирокчилари учун ушбу тадбир ўз бизнес ғояларини амалга ошириш ва профессионал кўникмаларини ошириш борасида муҳим қадам бўлди.










