XOTIN-ҚИЗЛАР ЎРТАСИДА “РЕКТОР КУБОГИ” МУСОБАҚАСИ ЎТКАЗИЛДИ
Каттақўрғон давлат педагогика институтида Бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида хотин-қизлар профессор-ўқитувчилари ўртасида волейбол спорт тури бўйича “Ректор кубоги” мусобақаси ташкил этилди.
Мазкур спорт тадбири жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш, оммавий спортни кенг тарғиб қилиш, жамоавийлик муҳитини мустаҳкамлаш, ғалабага интилиш ва соғлом рақобат тамойилларини қарор топтириш, шунингдек, профессор-ўқитувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида ўтказилди.
Мусобақа давомида иштирокчилар спортга бўлган қизиқиш ва юқори тайёргарлик даражасини намоён этиб, жамоавий ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ва спорт маданиятининг юксак намуналарини кўрсатдилар.
Мусобақа якунларига кўра, 1-ўринни Ректорат жамоаси қўлга киритди. 2-ўринни Аниқ ва табиий фанлар факултети жамоаси эгаллади. 3-ўрин эса Филология ва ижтимоий фанлар факултети профессор-ўқитувчиларига насиб этди. Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.








