
Амир Темур ва Темурийлар даври мавзусида давра суҳбати ўтказилди
Педагогика факултетида Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар даври маданиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур тадбирда факултет декани А.Саидов, Амалий фанлар ва спорт кафедраси мудири С.Эгамов, декан ўринбосари М.Холмуродов ҳамда талаба-ёшлар фаол иштирок этдилар.
Давра суҳбати давомида Амир Темур асос солган давлатчилик анъаналари, унинг доно ва узоқни кўзлаган сиёсати, шунингдек, Темурийлар даврида илм-фан ва маданиятнинг юксалиши хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Шу билан бирга, талабалар томонидан Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилиб, тадбирга алоҳида руҳ ва мазмун бағишлади.
Тадбир якунида бундай маънавий-маърифий учрашувлар ёшларнинг тарихий билимларини ошириш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.








