Институтда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
9-май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Каттақўрғон давлат педагогика институтида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни институт ректори Шерзод Ураков очиб берди. У ўз нутқида хотира ва қадрлашнинг инсон ҳаётидаги муҳим аҳамияти, Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотирасини эъзозлаш бурч эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ўқув ва меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришган профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимлар, шунингдек “Тўмарис издошлари” спорт мусобақасининг вилоят босқичи ғолиби бўлган талабалар жамоаси ташаккурнома билан тақдирланди.
Шундан сўнг талабалар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Унда ватанпарварлик, жасорат ва фидойиликни ўзида мужассам этган лавҳалар орқали шаҳид кетган ватандошларимиз хотираси ёд этилди.
Бундай тадбирлар ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, тарихга ҳурмат ҳамда инсон қадрини улуғлаш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.









