
МУСТАҚИЛЛИК VA МИЛЛИЙ ЎЗЛИК: TIL, ТАФАККУР VA INSON
МУСТАҚИЛЛИК VA МИЛЛИЙ ЎЗЛИК: TIL, ТАФАККУР VA INSON
35 йил: тарихий хотира, инсон қадри ва билимга таянган тараққиёт Тарихни билган халқ келажагини ҳам англайдиган жамият демакдир. Мустақилликнинг 35 йиллиги - шунчаки юбилей санаси эмас. Бу - ўттиз беш йил давомида босиб ўтилган йўлга назар ташлаш, бугунги имкониятларни қадрлаш ва эртанги кун олдидаги масъулиятни ҳис этиш учун муҳим фурсат. 1991-йилда Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритди. 2026-йилда эса истиқлолимизнинг 35 йиллиги нишонланмоқда. Шу давр мобайнида мамлакат ҳаётининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий соҳаларида катта ўзгаришлар юз берди. Аммо мустақилликнинг мазмунини фақат рақамлар билан ўлчаб бўлмайди. Унинг энг катта маъноси - инсоннинг ўзлигини англашида, эркин фикрлашида, билим олиш ва ўз келажагини бунёд этиш имкониятида намоён бўлади. Ўзбекистон ҳудудидаги давлатчилик ва сивилизатсия тарихи минг йилликлар қаърига бориб тақалади. Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк сиймолар етишиб чиққан бу замин жаҳон илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган. Шунинг учун бугунги авлод учун тарихни билиш - ўтмишни ёдлаш эмас, аввало, ўзлигини англаш демакдир. Она тили - миллий тафаккур кўзгуси сифатида. Тил - миллатнинг тарихий хотираси. Унда халқнинг дунёқараши, маданияти, руҳияти ва асрлар давомида шаклланган тафаккури мужассам. Бугун ўзбек тили олдида янги вазифа турибди: у нафақат кундалик мулоқот ва илмий-адабий ҳаётда, балки рақамли дунё ва сунъий интеллект технологияларида ҳам фаол қўлланадиган тилга айланиши керак. Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган нутқда ўзбек тилини рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тилга айлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу вазифа тилшунослар, дастурчилар, педагоглар ва ёш тадқиқотчилар олдига янги масъулият юклайди.
Инсон қадри - тараққиёт мезони саналади. Тараққиётнинг энг муҳим мезони - инсон. Бугун мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг марказида ҳам инсон манфаатлари масаласи турибди. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилларда соғлиқни сақлашга ажратилаётган маблағ 8 каррадан зиёд ошган, 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилган. Тиббий хизматлар ҳажми эса 3 карра ошган. Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991-йилдаги 66,4 ёшдан 2025-йилда 75,4 ёшга етган. Бу рақамлар ортида оддий инсонларнинг ҳаёти, саломатлиги ва келажаги турибди. Зеро, бинолар эскириши, технологиялар янгиланиши мумкин. Аммо билимли ва маънавий етук инсон мамлакатнинг энг узоқ муддатли бойлигидир. Таълим - келажак учун энг катта сармоя . Бугунги дунёда мамлакатнинг энг катта бойлиги - билимли инсон. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025-2026-ўқув йили бошида олий таълим ташкилотларида 1 миллион 535 минг нафар талаба таҳсил олган. 2021-2022-ўқув йилида бу кўрсаткич 808,4 минг нафар эди. Аммо бугун гап фақат талаба сонини кўпайтириш ҳақида эмас. Энди асосий масала - билим сифати. Университет ёшга шунчаки диплом берадиган жой эмас, уни мустақил фикрлашга, изланишга, муаммони таҳлил қилишга ва янги ғоя яратишга ўргатадиган илмий-маърифий муҳит бўлиши керак. Сунъий интеллект жадал ривожланаётган даврда инсон тафаккури. Бугун ҳаётимизга сунъий интеллект жадал кириб келмоқда. У матн ёзади, маълумотни таҳлил қилади, таржима қилади, тасвир яратади ва кўплаб вазифаларни инсон билан биргаликда бажара олади. Шундай шароитда таълим олдида янги савол пайдо бўлади: келажак мутахассиси нимани билиши керак? Жавоб фақат технологияни билиш билан чекланмайди. Инсон технологиядан фойдаланиши мумкин, аммо тўғри савол бериш, маълумотни танқидий баҳолаш, ахлоқий танлов қилиш ва яратилган билимга маъно бериш қобилияти ҳамиша муҳим бўлиб қолади. Ўзбекистоннинг келажак стратегиясида IT, сунъий интеллект ва креатив иқтисодиётни ривожлантириш муҳим йўналиш сифатида кўрсатилмоқда. 10 миллион ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига жалб этиш мақсади ҳам белгиланган. Бугун аудиторияда - эртанги кун бунёдкори шаклланмоқда Мустақилликнинг 35 йиллиги бизга бир ҳақиқатни яна бир бор эслатади: мамлакат келажаги бугундан яратилади. Бугунги талаба - эртанги ўқитувчи, шифокор, муҳандис, олим, тадбиркор ёки бошқа соҳа мутахассиси. Бугунги устознинг дарси эса келажак авлод тафаккурига қўйилган тамал тошидир. Шунинг учун бугунги вазифа - билимли, мустақил фикрлайдиган, миллий ўзлигини англайдиган ва замонавий технологияларни эгаллаган авлодни тарбиялаш. 35 йил - тарих учун қисқа муддат. Аммо шу давр бизга катта бир ҳақиқатни англатди: келажак ўз-ўзидан келмайди. Уни билим, тафаккур, меҳнат ва бирлик билан бунёд этиш керак. Мустақиллик - кеча эришилган тарихий неъмат эмас. У ҳар бир авлод ўз меҳнати билан асраб-авайлайдиган ва янада мустаҳкамлайдиган буюк масъулиятдир.
Илҳом БУТОЕВ,
Каттақўрғон давлат педагогика институти
Ўзбек тили ва гуманитар фанлар кафедраси дотсенти.




