
“Карера куни” меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Бугун, Каттақўрғон давлат педагогика институтида Каттақўрғон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамкорлигида “Карера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади битирувчи талабаларни муносиб иш ўринларига йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда таълим ташкилотларидаги мавжуд вакант лавозимлар ҳақида маълумот беришдан иборат бўлди.
Меҳнат ярмаркаси давомида Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш Каттақўрғон шаҳар бўлими вакили Қ.Санаев томонидан ҳудуддаги мавжуд бўш иш ўринлари тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумий ўрта таълим мактаблари вакиллари иштирок этиб, мавжуд вакант иш ўринлари ҳақида битирувчи талабаларга маълумот бердилар ва уларни ишга таклиф қилдилар.
Тадбир давомида битирувчи талабалар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда келгусидаги меҳнат фаолияти юзасидан зарур маълумотларга эга бўлдилар.
Меҳнат ярмаркаси якунида битирувчилар ўзларига маъқул бўлган таълим ташкилотлари билан келишувга эришиб, меҳнат фаолиятини бошлаш бўйича тегишли шартномаларни имзоладилар.







