
Таълим мазмунини меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди
Каттақўрғон давлат педагогика институтида Ўзбек тили ва гуманитар фанлар кафедраси томонидан Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари билан ҳамкорликда Зоом платформаси орқали амалий семинар ўтказилди.
Унда кафедра мудири, дотсент Жавлон Қучқоров, профессор-ўқитувчилар, Нарпай, Каттақўрғон ва Иштихон туманлари Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари мудирлари, она тили ва адабиёт ҳамда тарих фани ўқитувчилари иштирок этди.
Семинарда бўлажак педагогларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши учун зарур бўлган билим, кўникма, малака ва амалий тажриба, шунингдек, олий таълим ва иш берувчи ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти ҳамда Тарих таълим йўналишларида ўқитилаётган танлов фанларининг мактабларда ўқитиладиган фанларга мувофиқлиги кўриб чиқилиб, таълим жараёнига зарур фанларни жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тадбир якунида таълим мазмунини меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш ҳамда олий таълим ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришилди.








