
Таълим сифати - замонавий мутахассис тайёрлашнинг асосий шарти
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган нутқида мамлакатимизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган ва мустақил фикрлайдиган янги авлод мутахассислари зарурлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари таълимга сифат ва мазмун олиб кириш масаласини шу мақсад билан боғлади. Каттақўрғон давлат педагогика институтида таълим сифатини ошириш ва амалий кўникмаларга эга кадрлар тайёрлашга қаратилган ишлар мазкур устувор йўналиш билан ҳамоҳангдир.
Президент нутқида илгари сурилган биринчи миллий дастур билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилган. Институтда бу мақсад фан дастури, машғулот ва баҳолаш ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш, талабага эгаллаган билимини амалий вазиятда қўллаш имконини бериш орқали амалга оширилмоқда. Шу мақсадда дарсларни кузатиш ва педагогик таҳлил қилиш, фан дастурлари ҳамда баҳолаш мезонларини ўрганиш, талабалар фикрини сўровлар орқали олиш каби ички сифатни таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Олинган хулосалар ўқитувчиларга услубий ёрдам кўрсатиш ва ўқув жараёнини такомиллаштиришга йўналтирилади.
Таълим мазмунида талабанинг фаол иштироки муҳим ўрин тутади. Муаммоли вазиятларни таҳлил қилиш, лойиҳа топшириқлари, амалий машқлар ва жамоавий ишлаш орқали талабалар билимдан амалий фойдаланишни ўрганади. Бундай ёндашув бўлажак педагог ва муҳандисларнинг мустақил фикрлаши, мулоқот қилиши ҳамда касбий масъулиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Институтда 21 та бакалавриат таълим йўналиши ва 4 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда. 2026-йилда “Энергетика муҳандислиги” ва “Транспорт воситалари муҳандислиги” йўналишларининг ташкил этилиши ҳудуд эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш имкониятини кенгайтирди. Бу йўналишларда назарий тайёргарликни амалий машғулотлар ва ишлаб чиқариш муҳити билан боғлаш устувор вазифалардан биридир.
Шу мақсадда иш берувчилар ва ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ҳамкорлик, амалиёт базаларидан фойдаланиш ҳамда соҳа мутахассисларини ўқув жараёнига жалб этиш масалаларига эътибор қаратилмоқда. Талаба ўқиш давомида реал касбий вазифалар билан ишлаши, рақамли воситалардан фойдаланиши ва ўз билимини мунтазам янгилаб бориши керак.
Ўқув жараёнини қўллаб-қувватлаш учун институтда 7 та компютер синфи, 138 та компютер, 47 та проектор, 6 та интерактив доска ва 12 та Wi-Фи қурилмаси мавжуд. Ахборот-ресурс марказида 3 679 номдаги 13 821 нусха босма адабиёт, электрон кутубхонада эса 3 135 номдаги ресурс жамланган. Мазкур имкониятлардан дарс ва мустақил таълимда фойдаланиш таълим мазмунини бойитишга хизмат қилади.
Президент нутқида таъкидланган билимли ва мустақил фикрлайдиган янги авлод мутахассисларини тайёрлаш вазифаси институтдаги ишларнинг асосий мезонидир. Таълим сифати ўқув жараёнини мунтазам таҳлил қилиш, амалий тайёргарликни кучайтириш ва талабанинг эгаллаган кўникмаларини реал вазиятда намоён эта олиши орқали ўз ифодасини топади.
Ворис Ахроров,
Каттақўрғон давлат педагогика институти
Таълим сифатини таъминлаш бўлими бошлиғи.





