
ВАҚТНИ ҚАДРЛАНГ, ИМКОНИЯТДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИНГ
Тўрт йилни фақат диплом учун эмас, билим учун сарфланг
Каттақўрғон давлат педагогика институти ректори Шерзод Ураков иштирокида “Ректор ва талабалар учрашуви” бўлиб ўтди. Тадбир давомида ректор Филология ва ижтимоий фанлар факултети талабалари билан учрашиб, улар билан очиқ ва самимий суҳбат олиб борди. Илмнинг аҳамияти, ёшлик даврини мазмунли ўтказиш ҳамда келажак учун мустаҳкам пойдевор яратиш масалалари ҳақида сўз юритди.
– Бугунги кунда институтимизда 42 та тўгарак фаолият юритмоқда. Бу тўгараклар талабаларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни ижтимоий фаолликка чорлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилади.
Шунингдек, 8 та нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Бу эса талабаларимизга халқаро тажриба алмашиш, хорижда таълимни давом эттириш ва ўз устида мунтазам ишлаш имконини беради.
Талабаларимиздан хорижий тилларни чуқур ўрганишни, кутубхонадаги қулай шароитлардан самарали фойдаланишни ҳамда экологияга бефарқ бўлмасликни сўрайман. Ҳар бир инсон яшаётган муҳитга эътиборли бўлиши, атроф-муҳит тозалигига ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Яна бир муҳим жиҳат – бу вақтни қадрлаш. “Тўрт йилни фақат диплом олиш учун эмас, балки ўзингизни ривожлантириш, жамиятда фаол ўрин эгаллаш учун сарфланг. Ҳар бир дақиқа – бу имконият, уни қадрланг,” – дея таъкидлади ректор.
Учрашувда талабалардан бири, рус тили йўналиши талабаси Шаҳзода Рустамова ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
“Ўқишимиз бошланганига икки ой бўлди. Шу вақт ичида институт ҳаёти билан танишишга улгурдим. Ректор ва ёшлар учрашуви менга катта мотиватсия берди. Айниқса, чет тилини ўрганишнинг аҳамияти, имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги ҳақида билдирилган фикрлар менга руҳий туртки бўлди. Устоз ҳаётий тажрибалардан келтирган мисоллар орқали ўз режамни аниқроқ тузиб олдим,” – дейди.
Тадбир давомида талабалар ўқув жараёни, баҳолаш тизими, якуний назорат ва ички тартиб-қоидалар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олдилар.
Ректор талабаларнинг таклиф ва муаммоларини диққат билан тинглаб, масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берди. Ёшларнинг фикрига ҳурмат билан ёндашгани, уларни тўғри йўналтирганлиги тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди.
📝 Каттақўрғон давлат педагогика институти Матбуот хизмати
















