
ТАЛАБАЛАР ХАВФСИЗЛИГИ – УСТУВОР ВАЗИФА
Каттақўрғон давлат педагогика институтида талабалар турар жойларида ҳамда ижара хонадонларида истиқомат қилувчи талабаларнинг куз-қиш мавсумида ҳаёт фаолияти хавфсизлигини таъминлашга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари И.Бақоев, Каттақўрғон шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими катта инспектори С.Саматов, мазкур бўлим қошидаги “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” ўқув маркази ўқитувчилари Н.Шарипов ва И.Нурмуродов, институтнинг фуқаро ва меҳнат муҳофазаси муҳандиси А.Эшонқулов, тюторлар ҳамда талабалар иштирок этди.
Йиғилиш давомида куз-қиш мавсумида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш, электр жиҳозлари билан боғлиқ эҳтиёт чораларига амал қилиш, ёнғин ва ис газидан заҳарланиш каби фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, талабаларга фавқулодда вазиятлар юзага келганда тўғри ҳаракат қилиш, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш ҳамда эҳтимолий хавф-хатарлардан ҳимояланиш бўйича тушунтиришлар берилди.










